Новости
Послать заявку

logo RU

investoram
 
Инвесторам
 
 
predprinimatelyam
 
Предпринимателям
 
 
AUKSION ru
 
 
Аукцион
 
 

   uzassetsБугунги кунда иқтисодиётимизни трансформация қилиш ва давлат корхоналарини самарали ишлайдиган корхоналарга айлантиришнинг асосий воситаларидан бири – хусусийлаштиришдир. Бу ҳозирги даврда иқтисодий сиёсатимиз учун ҳам устувор йўналиш ҳисобланади. Лекин, хусусийлаштиришни чуқурлаштиришга бўлган истак ва режаларимиз ҳар доим осонгина амалга ошмайди. Тан олиш керакки, соҳада жуда эскирган ва ўта бюрократик тартиботларга ҳамон амал қилмоқда.

Олдимиздаги вазифа – биринчидан, хусусий мулк шаклининг устунлиги ва самарали эканлигини эътироф этган ҳолда – давлат корхона ва активларини инвесторларга, салоҳиятли ва самарали мулкдорларга бериш, иккинчидан – бу жараёнларни максимал даражада шаффоф ва хорижий инвесторлар учун тушунарли бўлган услубда амалга ошириш ҳисобланади.

    Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 июндаги “Хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида “UzAssets” инвестиция компанияси ташкил этилди.

    Мақсад, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини халқаро амалиётда кенг қўлланадиган мезонлар асосида таҳлил қилиш орқали инвестициявий жозибадорлигини таъминлаган ҳолда салоҳиятли инвесторларга сотиш орқали хусусийлаштиришнинг муваффақиятли натижаларини таъминлашдир. Унинг учун эса, дастлаб корхоналар фаолиятини комплекс таҳлил қилиш (due diligence) жумладан, инвестициявий жиҳатдан ҳамда унинг даромадлилик нормасини халқаро амалиётдаги мезонлар (IRR, NPV, EBITDA ва бошқалар) асосида таҳлил қилиш, “бенчмаркинг” орқали ривожланиш прогноз кўрсаткичларини белгилаш таклиф қилинмоқда.

    Шунингдек, устав капиталига берилган акция пакетларини (улушларини) самарали бошқариш, корхоналарни ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош субъектларга айлантириш орқали уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва салоҳиятли инвесторларга сотиш – янги инвестицион компаниянинг асосий фаолияти бўлиб ҳисобланади.

    “UzAssets” инвестиция компаниясига иқтисодиётнинг турли тармоқларига мансуб бўлган ва йирик субъектлар ҳисобланган “Кварц”, “Қизилқумцемент”, “Урганч шароб”, “Ўзбекистон шампани”, “Денов вино ароқ”, “Кафолат суғурта компанияси”, “Олмазор кичик саноат зонаси” акциядорлик жамиятлари, “Ўзгеорангмет ЛИТИ” ва “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхоналари берилмоқда. Бунда, айтиш мумкинки, янги инвестицион компания хусусийлаштириш бўйича ўзига хос “лаборотория” вазифасини ўтайди.

     Келгусида хусусийлаштириш жараёнини амалга оширишнинг ижобий натижаларига қараб бундай корхоналар сони ошириб борилади. Шунингдек, инвесторларнинг қизиқиши ва жаҳон ҳамда минтақа бозорида умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан мазкур инвестиция компаниясига қўшимча активлар ҳам берилиши мумкин.

    Таъкидлаш лозимки, инвестиция компанияси устав капиталига берилган корхоналар халқимиз орасида анча машҳур, ном чиқарган, республика ва минтақа бозорида ўз ўрнига эга. Лекин, бу фикр – уларни ҳеч қандай тайёргарликсиз, ўз ҳолича сотиш мумкин дейишга асос бўлолмайди. Инвесторлар кўзи билан қараганда – вазиятга бошқача баҳо бериш мумкин. Иқтисодий вазият, айниқса юқорида санаб ўтилган корхоналар тармоқларида жуда тез суратларда ўзгармоқда. Бугунги пандемия шароитида инвесторларнинг йирик инвестициялардан тийилиб туришини ҳам инобатга оладиган бўлсак, мазкур корхоналарни сотиш жараёни алоҳида ёндашув, чуқур таҳлилларни талаб этишини кўриш мумкин. Корхоналарни муваффақиятли тарзда сотиш натижаси кафолатланмаган ва унга жуда кўп омиллар таъсир кўрсатади. Бу борада – муваффақиятнинг энг асосий омили – тўғри бошқарувни ташкил этиш, компания ижро органига илғор ва замонавий фикрлайдиган, активларни сотиш соҳасида тажрибага эга бўлган, хорижий инвесторларнинг “тилини тушунадиган” раҳбарларни жалб этишга боғлиқ. Ижро органи ва Кузатув кенгаши ўзаро уйғунликда ишлаши керак. Корхоналарни сотиш муддати ва шакли тўғрисида Кузатув кенгашининг пухта ўйланган ва асосланган қарорларини қабул қилиш керак бўлади.

Корхоналарни инвестициявий жозибадорлигини ошириш жуда мураккаб жараён. Бу компания фаолияти Ижро органи ва Кузатув кенгаши томонидан қабул қилинадиган чораларга боғлиқ. Шунинг учун йирик корхона ва тармоқларни хусусийлаштириш бўйича инвестицион воситачиларни ва стратегик консультантларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Қабул қилинган ҳукумат қарорига мувофиқ, “UzAssets” инвестиция компанияси самарали бошқариш учун берилаётган корхоналарни сотишга тайёрлаш ва сотиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилишда мустақил ҳисобланади.

    Бундан ташқари, компанияда кузатув кенгаши тузилади, таркибидаги камида 50 фоиз аъзоси юқори малакали, халқаро тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат бўлади. Компания устав капиталига берилган давлат акция пакетлари (улушлари) унинг кузатув кенгаши қарорига асосан бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда, дунё тажрибасида кенг қўлланиладиган тартибларга мувофиқ сотилади.

    Давлат мулки активлари ва корхоналарини хусусийлаштиришнинг амалдаги тартиботи давлат иштирокидаги корхоналарни сотишга тайёрлаш жараёнларида фақат уларнинг мол-мулкларини хатловдан ўтказиш ва бозор қийматини аниқлашда мажбурий баҳолашни талаб этади. Бу жараён узоқ муддат ва ресурсларни талаб этгани ҳолда, хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлиги, яъни даромадлилиги ва истиқболга эгалиги каби энг муҳим омиллар инобатга олинмайди. Бунинг натижасида рақобатбардошлилиги паст ва барқарор фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг узоқ муддат давомида сотилмаслигига олиб келади. Янги компания корхоналарнинг инвестиция жозибадорлигини таъминлаш учун сотишдан олдин тайёргарлик ишларига замонавий билим асосида ёндашган ҳолда хусусийлаштиришнинг муваффақиятли натижаларини таъминлаш бўйича фаолият олиб боради.

    Давлат активларини самарали бошқариш соҳасида муваффақиятли фаолият олиб бораётган бир қанча хориждаги фондларни мисол келтириш мумкин. Сингапур, Нидерландия, Швеция каби мамлакатларда улар суверен фондлар шаклида тузилган.

    “UzAssets” инвестиция компанияси дастлабки босқичда корхоналарга инвестицияларни жалб этиш билан шуғулланса, кейинги босқичларда юқоридаги фондлар мисолида трансформация қилиш имкониятларини кўриб чиқиши мумкин.

Ҳозирги босқичда, корхоналар ва активларни сотиш жараёнлари тўғрисида “Road Show” дастурлари тайёрланади, дунёнинг йирик молиявий марказларида тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган. Шу орқали иқтисодиётга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, улар сонини кўпайтириш ва аудиториясини янада кенгайтириш кутилмоқда.

Азизжон Қаҳҳоров,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Департамент бошлиғи ўринбосари

  Полезные ресурсы

gov uz1
 
 
 
 
 
navoi hok1
 
 
 
 

 

press1
 
 
 
 
 
gkk1
 
 
 
 

 

uzse uz
 
 
 
 
 
deponet